Грузия россиялик сайёҳлар билан ҳайрлашишга тайёрланмоқда
Грузияда Кремль томонидан қўлланилган сайёҳлик эмбаргоси тез суръатда ўсиб бораётган туризм тармоғига катта зарба бўлди ва икки давлат ўртасидаги кескинликни кучайтирди.

Россия ҳукумати Грузияга авиа йўналишларини тақиқлашини эълон қилиши ҳамоноқ, Кетино Нижарадзе қўл телефонига хабар келди. Мазкур хабар бутун июль ойи ва августнинг бир қисмини Батуми шаҳрида, Қора денгиз бўйида жойлашган Кетинога тегишли уйни ижарага олиб, ўтказмоқчи бўлган рус оиласидан экан. Улар ижара шартномасини бекор қилишибди.
«Улар ҳеч қандай тушунтириш беришмади, фақат нима бўлганда ҳам барча инсонлар биродардирлар, деб айтишди», дейди бошланғич синф ўқитувчиси Низxарадзе. Унинг Кремль рейсларни тўхтатгани ва рус сайёҳларини Грузияни тарк этишга чақиргани ҳақида хабари бўлмагани учун, мижозларнинг рад жавоби гўёки, ўзига нисбатан «хиёнат»дек туюлди.
«Бу жуфтлик уч йилдан бери ҳар ёзда менинг уйимда турарди. Болаларимиз ҳам бирга ўйнашарди, – деди у. – Мен бошқа барча меҳмонларни рад этиб, жойни улар учун сақлаб туришимни билишарди. Шунинг учун охирги дақиқада ижара келишувини бекор қилиш ва ҳеч қандай тушунтириш берилмагани одамга жуда ёмон таъсир қилар экан».
Айнан шу куни, 21 июнь санасида 600 километрдан ортиқ узоқда, Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дўстлари билан кечки овқатни тановвул қилаётган британ-грузин фуқароси Уильям Данбар парвозларни тақиқлаш ҳақидаги хабарни эшитди. «Мен Путин ҳар доим ўз репертуарида, деб ҳаёлимдан ўтказдим. Тўсатдан менинг телефонимга бетўхтов хабарлар кела бошлади», дейди у. Ушбу бир нечта хабарлар “Airbnb” бронлари бекор қилингани ҳақида эди. Данбарнинг Тбилисидаги ижарага топширадиган квартираларини брон қилган россиялик сайёҳлар бирин-кетин ижара келишувини бекор қилишди. «Сентябргача бўлган барча келишувлар бекор қилинди», дейди Данбар. У вақти-вақти билан Eurasianet учун мақолалар ҳам ёзиб туради.

Сайёҳларга гидлик қилувчи Шорена Шарикадзе Грузиянинг энг диққатга сазовор Сванетия тоғли гўшасида бир гуруҳ украиналик туристларни олиб юрган пайтида июль ва август ойларига мўлжалланган бўлажак бир қатор турлар бекор қилинганидан хабар топди. «Мен асосан руслар ва рус тилида сўзлашадиган сайёҳлар билан ишлайман, ёз ойлари эса тоғ ҳудудларимиз учун энг тирбанд мавсумдир. Энди менда фақат иккита сайёҳлик гуруҳлари қолди: июль ойида беларуслик гуруҳ ва августда қозоғистонлик сайёҳлар гуруҳи», дейди Шарикадзе. Айтишича, у бир кечада тахминан 2500 доллар йўқотди.
Унинг аниқлик киритишича, нафақат руслар, балки бошқа айрим собиқ совет республикаларининг русийзабон туристлари ҳам саёҳат режаларини бекор қилишган. «Уларнинг аксарияти рус янгиликларини кузатиб боради. Рус хабарларида эса бу eрда русларга қарши қўзғолонлар бўлаётгани ва русларга нисбатан зўравонлик мавжудлиги айтилмоқда. Шунинг учун улар ҳам қўрқишмоқда», деди Шарикадзе.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Тбилисида давом этаётган норозилик намойишларини "русофобия машмашаси" дея таърифлади. Намойишлар 20 июнь куни Грузия парламентида рус қонунчиларининг пайдо бўлиши билан изоҳланади. Намойишчилар рус депутати Грузия парламенти спикерининг ўрнида ўтирганини, шунингдек, Россия қўшинлари Абхазия ва Жанубий Осетияни эгаллашда давом этишини кўриб норозилик билдиришди. Россия президенти Владимир Путин рейсларни тўхтатиб, русларга Грузияни 8 июлга қадар тарк этишни айтди. Россия ахборот воситалари воқеа юзасидан қўрқувни кучайтирмоқдалар, Грузияда гўёки нафратга учраган русларнинг қиёфасини драматик қилиб қора рангларда тасвирлашмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги барча ҳудудий кескинликларга қарамай, руслар таътил пайти Грузияда тобора кўпроқ дам олишни афзал кўришаётган эди. Ҳатто бу йил Грузияга келган кўп сонли хорижликларнинг аксарияти руслар бўлган. Туризм бўйича Департамент маълумотига кўра, май ойига келиб, тахминан 540 минг киши мамлакатга ташриф буюрган. Ўтган йили бу рақам йил давомида 1,4 миллионни ташкил этган эди. Бу йил охирига келиб эса 2 миллионга етиши кутилган эди.
Эмбаргодан кейин Тбилисида жойлашган Airbnb уй-жой бошқаруви компаниясининг Wehost ширкати Россиядан бўлган буюртмаларнинг бекор қилиниш сони кескин ўсганини қайд этди. «Истиқболли меҳмонларимизнинг деярли 40 фоизи россиялик сайёҳлар эди, – дейди Wehost менежери Ника Анжапаридзе. – Албатта, бу бизнинг компаниямизга ва уй эгаларига зарар келтиради».
Rooms Hotel ва Stamba Hotel – меҳмонхона бизнесининг юқори даржасига чиққан хипстерча замонавий дизайни билан танилган таниқли меҳмонхоналар мажмуаси ҳам айрим муаммоларга дуч келди. «Ҳа, биз билан сўнгги дақиқаларда бир қатор буюртмаларни бекор қилишди, аммо ўрнатилган чекловларга қарамасдан Россиядан буюртма олишни давом эттирмоқдамиз», деди «Adjara” компаниясининг Бош директори Валерий Чехерия.
Чехериянинг айтишича, россиялик кўплаб сайёҳлар Москванинг сиёсатидан қатъи назар, Грузия меҳмонхоналарига ташриф буюришда давом этадилар. Унинг ширкати ҳам бирон бир мамлакатга ҳаддан ташқари қарам бўлмаслиги учун эҳтиёт чораларини кўрди. «Биз бир неча бор шоҳидлик қилган мамлакатлар ўртасидаги беқарор муносабатларни ҳисобга олиб, Россия бозорида жуда ҳам кўп боғланиб қолмасликка ҳаракат қилдик, – деди у. – Айни пайтда Америка, Европа ва Яқин Шарқ бозорларига ҳам катта эътибор бермоқдамиз».
Катта эҳтимол билан сайёҳлик уруши кичикроқ меҳмонхоналар, уй-жой мулкдорлари ва сайёҳлик компанияларига кўпроқ зарба бўлади. Батуми каби қирғоқбўйи шаҳарларида ёз мавсумида уйини ижарага бериш аксарият фуқаролар учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. «Мактабда иш ҳақи - ойига 500 лари (180 доллар), - дейди Нижарадзе. – Шунинг учун барча ўқитувчилар, мен биладиган ҳар бир киши, ёзда уйини ижарага беришга мажбур. [...] Мен квартирамни таъмирлаш учун қарз олдим - сантехника ва девор қоғозини ўзгартирдим ва қарзимни ижара ҳақини олгач тўлашни режалаштиргандим, кўриб турганингиздек Путиндан мана шундай «совға» олиб турибман».

Буни қарангки, бостириб келаётган қийинчиликлар маҳаллий аҳолининг бирдамлиги учун туртки берди. Аксарият грузияликлар ушбу ёзни Грузияда ўтказишини сўраб хорижий дўстларига ижтимоий тармоқ воситасида мурожаат билан чиқдилар. «Азиз дўстларим, илтимос, ушбу ёзги таътилингизни Грузияда ўтказишни режалаштиринг», деб ёзади ўзининг Facebook саҳифасида халқаро майдонда таниқли бўлган грузиялик ҳонанда Анита Рачвелишвили. «Грузияга ёрдам керак! Грузияга ташриф буюринг!», деб ёзади у.
Илгари «Vitesse” Голландия футбол клубида тўп сурган грузиялик машҳур футболчи Гурам Кашиа Instagram орқали мухлис ва дўстларини Грузияга таклиф қилди. «Голландиялик дўстлар, Грузияга ташриф буюринг, ҳақиқий тоғларни кўриш имкониятига эга бўлинг (ўзим сизнинг текисликлардан иборат мамлакатингизни ҳам яхши кўраман)", деб ёзади у.
Хорижий дипломатлар, жумладан, Литва ва Буюк Британиянинг элчилари ҳам барчани Грузияга ташриф буюришга чорлашди ҳамда #SpendSummerInGeorgia хештеги остида ижтимоий медиа кампаниясини қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Грузия православ черкови ўз сафдошларини Грузияда ёзги таътилларини ўтказишга чақирди ва банк секторидан енгил кредитлар тақдим қилиш ва туристик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун шартларни осонлаштиришни сўради. Машҳур банкир Мамука Хазарадзе Украинадан Грузияга 10 та парвоз харажатларини ўз ҳисобидан қоплашга ваъда қилди.
Туризм бизнесида ишлайдиганларнинг айримлари учун Россия билан давом этаётган кескинлик нафақат иқтисодий, балки шахсий тусга ҳам эга бўлмоқда. Сайёҳлик бўйича гид Шарикадзе телефон орқали Россиядан дугона тутинган собиқ меҳмон аёл билан мулоқат қилиб, анча кескин баҳс мунозарага киришди. «У менга ўша оқшом қўнғироқ қилиб «нима учун Россияга қарши чиқаяпсизлар? Нима учун парламентдан рус депутатини ҳайдаб юбордингиз?» деди. «Мен эса нима учун грузияликларни ўз уйларидан ҳайдаб чиқардингиз?», дедим. «Эрим менга ўзимни босиб олишимни ва гўшакни қўйиб қўйишим кераклигини айтди, лекин мен бундай қилолмадим. Ўша пайтга қадар мен доимо дўстим билан сиёсат ҳақида гаплашмасликка ҳаракат қилардим ва у ҳам худди шу нарсани қиларди, аммо энди биз икки айри дунё вакили эканлигимизга амин бўлдим».
Георгий Ломсадзе мустақил грузин журналисти, EurasiaNet сайтидаги "Tamada Tales" блоги муаллифи.
Георгий Ломсадзе является независимым грузинским журналистом и одним из авторов блога «Рассказы тамады» на сайте EurasiaNet.
Подписывайтесь на бесплатную еженедельную рассылку Eurasianet (на английском языке).