Бир неча ўн йиллар аввал, Совет Иттифоқи парчаланиши даврида, Гарик Аракелов ўзининг она ватани Ўзбекистонда каратэ бўйича машҳур чемпион эди. Бугунги кунда у нисбатан ҳеч ким танимайдиган киши сифатида, Нью-Йоркда сантехник бўлиб ишлаб, кун кечирмоқда. У учун америка орзуси ўтмишдаги шон-шуҳрат билан хайрлашишни англатарди. Унда ҳали ҳам ўз тақдирига нисбатан баъзи бир норозилик ҳис-туйғулари бор, лекин ўғлининг эришган ютуқлари унга воз кечган нарсалари шунга арзишини ҳис этишига сабаб бўлади.
Ҳозирда 48 ёшга тўлган Гарик 1990 йилларда Ўзбекистонда ўтказилган каратэ чемпионатларида тўрт маротаба ғолибликни қўлга киритган. Жанг санъати жуда оммабоп бўлган бу мамлакатда Гарик машҳур инсон ҳисобланар эди. Матчлардан кейин ундан интервью олишни хоҳлаган мухбирлар сони тўлиб кетарди. Она шаҳри Самарқандда одамлар унга ҳурмат билан қарашарди.
У жаҳоннинг энг зўр спортчилари билан беллашишни орзу қиларди, лекин мамлакат чемпионлиги унинг энг катта эришган ютуғи бўлиб қолди. Гарикнинг омади келмагани шунда эдики, у айни кучга тўлган пайти Совет Иттифоқи ўлим талвасасини бошидан кечираётган даврга тўғри келди. 1991 йили режали иқтисодиёт тизими ахири қулаганидан кейин, Совет спорт машинаси учун ажратиладиган маблағлар йўқ бўлиб кетди. Гарик каби сара спортчилар энди, уларга диққат эътиборларини фақат машғулотларга қаратиш имкониятини берадиган, давлат томонидан бериладиган моддий қўллаб-қувватлашдан умидвор бўла олишмасди. Бундан ташқари ҳукуматнинг спортчиларни халқаро мусобақаларга юбориш учун маблағи йўқ эди. Кўпчилик спортни тарк этиб ҳақ тўланадиган иш топишга мажбур бўлди.
Гарикнинг Самарқанддаги маҳаллий каратэ клубининг ишлари ҳам орқага кетди: гуллаб яшнаган пайтида клубда тахминан 100 та аъзоси бор эди; 1993 йилга келиб фақат икки киши қолди. Иккита қолган кишининг бири Гарик эди. “У ерда кўплаб иқтидорли спортчилар ва курашчилар бор эди. Лекин ҳамма ҳам бу ишни давом эттира олмади,” дейди у. 1998 йил, ахири, мусобақаларни тарк этганидан сўнг, ўсиб келаётган ёшларга каратэдан мураббийлик қилиб тирикчилик қила бошлади.
Гарикнинг ўғли Геворг бир йилдан кейин дунёга келди. Геворг тўққиз ёшга тўлганида Гарик уни Самарқанддаги дзюдо ва самбо бўйича собиқ жаҳон чемпиони тренерлик қилаётган клубга олиб борди. У ўғлида жанг санъати учун зарур бўлган жисмоний белгилар – абжирлик билан биргаликда паст, кенг ва бақувват тана борлигини кўрди. У ўғлининг жанг санъати бўйича спортчи сифатида келажаги порлоқ деб ўйлади.
Шу билан бир вақтнинг ўзида Геворг отасининг сўниб бораётган шон-шуҳратидан илҳомланди. У тўққиз ёшлигида бўлган бир воқеани ёдга олади: у доим отасининг уйдаги совринлар солинган жомадони билан завқланарди, ва бир кун у сумкани отасининг бутун спортчилик фаолияти давомида қўлга киритган барча совринлар билан тўлдирди. Сумка шу қадар оғир эдики, уни базўр кўтарди. “Мен бундан руҳланиб кетдим ва ҳар гал [отамнинг совринларини] кўрганимда бирор нарсани ютиб олишни хоҳлардим,” деб эслади Геворг.
2011 йилда Гарик учун ҳаёт тубдан ўзгарди. Ўша йили у АҚШ иммиграция виза дастурини ютиб олган 6 000 нафар ўзбекистонликнинг бири эди. Соврин ўрнига у кўплар қўлга киритишни истаган гринкартани ютиб олди. У Нью-Йорк бешта округидан бири бўлган Квинсда янги ҳаёт бошлаш учун Самарқанддаги нисбатан барқарор турмушини ортда қолдириб кетди. Бир вақтлар у Нью-Йорк “осмонўпар бинолар, имкониятлар ва мўъжизалар диёри” деб ўйларди. У қурувчи ва сантехник сифатида иш топганида бу ҳиссиёт тезгина қувурлар ва бетон олами билан ўрин алмашди. Одатда эрталаб соат 5 да уйғониб, унинг Америкадаги ҳаёти белгиланган тартибда ўтарди: сув жўмрагни тузатиш, тиқилиб қолган ҳожатхона қурилмасини тозалаш ва қувурларни пайвандлаш билан у ҳафтасига олти кун 12 соатдан ишларди. Гарик ҳеч қачон жанг санъатидаги шон-шуҳратини бу даражада узоқда қолдиришини ҳеч ҳам ҳаёлига келтирмаган эди. Дастлаб унда Қўшма Штатларда каратэ бўйича мураббий бўлиб ишлаш истаги бор эди, лекин тезгина бу мақсадидан воз кечишига тўғри келди.
Йиллар ўтиб, ҳатто ҳозир ҳам Гарик ҳаётининг бу даражада тубдан ўзгарганига кўника олмайди. “Ўзим ва оилам бу ерга қандай келиб қолганимизни ҳатто ўзим ҳам тушуна олмайман. Бу кутилмаганда содир бўлди,” деди у. Гринкарта лотереясида қатнашиш учун ҳужжат топширганида у нотаниш ерга йўл олар экан ўзини биринчилардан бўлмаслиги, балки синалган сўқмоқдан янада фаровонроқ ҳаётга борадиган киши бўлади деб ўйлаганини қўшиб қўйди. “Уни [Американи] [Ўзбекистонда кўплар] мўъжизавий диёр [деб ўйлашади]. Лекин бу ерга келганимда бундай эмаслигини билдим,” деди у. “Ҳаммага ҳам мазали луқма ейиш имконияти берилмаган.”
Бу фаолият турини тарк этганидан кейин йигирма йил ўтиб, Гарик ўзининг спортчи сифатидаги фаолияти тўғрисида гапиришни унчалик хоҳламайди. Унинг Ўзбекистондаги ўтган ҳаёти ва бугунги кундаги Нью-Йоркдаги турмуши ўртасидаги фарқ ҳақида сўралганида, кўзларида ёш қалқиди. Бу ҳали ҳам оғриқли мавзу ҳисобланади.
Гарикка қувонч бағишлайдиган камдан кам манбалардан бири бу ўғлининг спорт карьерасига йўл-йўриқ кўрсатиш эди. Геворг ўрта мактабга ўтганида курашда ўз кучини синаб кўришга қарор қилди. Гарик ўғлининг ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ўз маслаҳатини берди. Ота ва ўғил Европада ўтказилаётган матчларни тўғридан тўғри эфирда кўриб, ёки видеоларни кўздан кечириб кеч уйқуга кетишарди. Иш графиги бунинг имкониятини берганида, Гарик яқин атрофдаги спортзалда ўғлини шуғуллантирарди.
Геворг ўрта мактабнинг юқори синфларидалигида ўтмишда фақат баскетболчилар, бейсболчилар ва футболчилар сазовор бўлган шараф, мактабидаги юқори синфлардаги “2018 йил эркак спортчиси” деб тан олинди. Ўша йили ўз вазн тоифасида Нью-Йорк шаҳри биринчилигида ғолибликни қўлга киритиб, курашда 35-4 натижаси билан устунлик қилди.
2018 йил январь ойи Нью-Йорк шаҳри мэри кубоги финали куни эди. 300 дан ортиқ томошабин орасида, биринчи қаторда Гарик, уч йил мобайнида Геворгни ўрганиб келган Нью-Йоркдаги етакчи давлат коллежларидан бири Хантер Коллежининг кураш бўйича мураббийи, Маркантони Масиас билан ўтирарди. Гарик ўғлининг курашини кўриш учун иш графигини ўзгартира олди. “У менинг Нью-Йоркдаги мусобақаларимнинг бирортасини ҳам ўтказиб юбормасди,” деди Геворг.
Томонларнинг галма-галдан устунлигида давом этган матчда 20 сония қолганида ҳисоб 5-5 бўлганида, Геворг очко ютиб олишга муваффақ бўлиб мусобақа ғолиби бўлди. Рефери Геворгнинг қўлини юқорига кўтарганида, отаси қўлини мушт қилиб кўтарди. Ўғли гиламдан пастга тушганидан сўнг уни қучоқлади. “Бу мен учун жуда муҳим, чунки уни мен шакллантирганман,” деди Гарик ўша онлар ҳақида гапириб. “Менинг ўғлим исмимизни Нью-Йоркда машҳур қилди. Бу ғалаба оиламиз учун.”
Шу куннинг ўзида Масиас Геворгни Хантер Коллежи номидан курашда қатнашиши учун ёллади.
2018 йилнинг кузида Геворгнинг коллеждаги кураш фаолияти силлиқ бошланмади. Ўзининг биринчи матчида Геворг қовурғасидан жиддий жароҳат олди ва яхши ҳаракатлана олмади. У ҳатто курашишдан қочиш бўйича огоҳлантириш ҳам олди. Охир оқибатда Масиас жароҳат кучайишини олдини олиш учун учун матчни якунлади ва уни олиб кетди. “У қовурғаларидаги оғриқ туфайли кураша олмаётганлигини ҳамма кўриб турарди,” деди Масиас.
Геворг ҳафсаласи пир бўлиб оғриқ ичида уйга қайтиб келганиди, унга отаси ўзи билан анча йиллар аввал содир бўлган жароҳат олиб мусобақани ютказганлиги воқеасини эслатди. Навбатдаги мамлакат биринчилигида ғолибликни қўлга киритишга ҳаракат қилаётган бир пайтида, у ҳам қовурғаларидан қаттиқ жароҳат олган эди. Ўша куни ўзининг финаллардаги биринчи мағлубиятига учради ва матчдан кейин спортни тарк этди. Гарик 4:0 ҳисоби билан олдинда бораётган пайтида, рақиби унинг қовурғасидан жароҳат олганини сезиб қолди ва унинг жароҳат олган соҳасига қаттиқ зарба берди. Гарикнинг жаҳли чиқиб кетди ва ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилди. У шафқатсизларча тўхтамасдан зарба бера бошлади. Рефери уни жазолади. “Нариги йигит ютгани йўқ,” дейди у ҳозир. “Мен ютқаздим.”
Бу воқеани сўзлаганида энди унинг жаҳли чиқмайди. Энди у маълум мақсад учун хизмат қилади: у бу воқеани ўғлининг карьерасига ғамхўрлик қилишда фойдаланиши мумкин.
Вуфей Юу Колумбия журналистика мактабининг битирувчиси ҳисобланади.
Подписывайтесь на бесплатную еженедельную рассылку Eurasianet (на английском языке).