Самарқанддан Сеулгача: Жанубий Кореядаги Марказий Осиё мигрантлари
"Бу ерда мен ўзимни хавфдан ҳоли ва ҳимояланган ҳис қиламан, одамлар менга ҳурмат билан муомала қилишади."

Ҳар жума пешинда "Чойхона Туркистон"нинг пастки қаватида вақтинчалик ташкил қилинган масжиддан эркаклар юқорига чиқиб келади. Ресторанда бугун мижозлар турли хил: икки нафар чечен ўз буюртмаларини олиб кетишмоқда, бир гуруҳ ёш қозоқлар ўз смартфонларидаги иш эълонларини кўриб чиқишмоқда, ўзбек ошпаз эса ошхонада сомса тайёрламоқда.
Ресторан Жанубий Кореянинг олтинчи йирик шаҳри – Гуангжудаги Волгок-Донг туманида жойлашган кўплаб одатий ўзбек емакхоналаридан бири ҳисобланади. Mаҳаллий аҳоли томонидан "Русский квартал" (Руслар маҳалласи) деб аталмиш мазкур ҳудудда собиқ Совет Иттифоқидан келган тахминан 8000 муҳожир яшайди. Кўчалардаги белгиларнинг кўпи кирилл алифбосида.
2004 йилдан бошлаб Жанубий Корея қонунчилиги иккита шаклда чет элликларга мамлакатда ишлаш имконини яратди: Келиб чиқиши асли кореялик бўлган хорижий фуқароларга мамлакатда яшаш ва ишлаш учун рухсат берилди ва 16 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон билан ишчилар ёллаш бўйича икки томонлама битим тузилди. Бундан ташқари, кўплаб қозоқ ва рус фуқаролари мамлакатлараро мавжуд визасиз режимдан Кореядаги норасмий меҳнат бозорида ишлаш учун кенг кўламда фойдаланадилар.
Bолгок-Донг каби Марказий Осиёликлардан ташкил топган маҳаллалар бугунги кунда йирик корейс шаҳарларидан ташқаридаги саноат зоналар яқинида кўп учрайди. Тошкентда туғилиб ўсган Роман Ким уч йил муқаддам Жанубий Кореяга кўчиб келди. Бироқ у муҳожир деб аталишни ёқтирмайди; у ўзини рус тилида сўзловчи деб атайди. Роман Ким 1930-йилларда Сталин томонидан Россиянинг Узоқ Шарқидан Марказий Осиёга мажбуран кўчирилган кореяликлар жамоатининг аъзоси сифатида Кореяда ватандош деб тан олинган.

Бироқ, Марказий Осиeдаги аксарият мигрантлар cингари, Ким корейс тилида бирорта ҳам сўз билмас эди. Дастлаб Гуангжуга хотини ва болалари билан доимий кўчиб кетишидан аввал, у қурилиш ва ишлаб чиқаришда турли ишларни бажарган.
Бугунги кунда у Корйо сарам ассоциациясининг раҳбари ва янги келган русийзабон мухожирлар учун биринчи манзилдир. Шунингдек, у Telegram, WhatsApp, Viber ва Facebookдаги собиқ совет муҳожирлари орасида энг машҳур бўлган гуруҳларни бошқаради.
"Бу иш жуда кўп вақт талаб қилади, аммо агар диққат-эътибор қилмай қўйсам, унда саҳифаларим тасдиқланмаган ва шубҳали ишлар таклиф этувчи агентликлар ва воситачиларнинг эълонлари билан тўлиб кетади", дейди Ким. У суҳбат давомида рус тилида сўзлашувчилар томониндан Жанубий Кореяда турмуш қуришдан то бизнес очиш ҳақида маслаҳат сўраб қилинган чексиз қўнғироқларга жавоб бериб боришга ҳам улгурди.
Корейс миллатига мансуб Ким, Марказий Осиёдан келган бошқа муҳожирларга нисбатан ўз мақомини имтиёзли деб ҳисобланишини тан олади. "Биз [рус-корейслар] бироз эркатоймиз, чунки биз ҳар қандай ишларни бажаришни истамаймиз. Биздан фарқли ўлароқ ҳужжатсиз муҳожирлар биз каби эркалик қилолмайди - улар арзимаган пул учун ҳам ҳар қандай ишни бажаришга тайёр. "
Кимнинг мақсади Кореяда доимий равишда яшаш бўлса, Марказий Осиёдан келган бошқа муҳожирлар қисқа муддатли мақсадларни кўзламоқда.
Ишни тезда бажар ва она ватанга суриб қол
"Уй қуриш, квартира сотиб олиш ва Лексус ҳайдаш - шу мақсадда биз шу eрдамиз", дейди қирғизистонлик Рустам. Авваллари Рустам ва унинг турмуш ўртоғи Таня Бишкекда ўз такси ширкатини юргазишарди, аммо 2014 йилги иқтисодий инқироз таъсирида улар оғир кунларга юз тутишди. Бунинг барчасига рус рублининг заифлашиб кетиши сабаб бўлди. Янги уйлари қурилиши ва таъмири битар-битмай, пулнинг таги кўриниб қолганлиги туфайли, Рустам онасининг кореялик насабидан фойдаланиб Кореяга кетишга қарор қилди. Олти ойдан сўнг эса, Кореяга ўзининг рус хотини Таняни таклиф қилишга муваффақ бўлди.
Рустам Марказий Осиё мамлакатларидан, Россиядан, Хитойдан ва Жануби-шарқий Осиёдан узоқ муддатга ишлашга келган ишчиларни ўзига жам қилган Сеул марказидан бир соат масофадаги Кореянинг энг йирик иммигрантлар жамияти жойлашган "Ансан"га келиб тушди. Бу ерга келиб у вақтинча иш билан таъминлайдиган идора олдида - корейс тилига немис тилидан ўзлаштирилган "арбейт" - охири кўринмас навбатга қўшилди.
"Илгари муваффақиятли бизнесмен сифатида мен учун поданинг орасидан кимгадир менга имконият беришини сўраб ялиниб ёлвориш бамисоли қаттиқ камситилиш каби эди", дейди Рустам. Бу ерда кўплаб муҳожир ишчилар, худди-ки ҳеч қандай тайёргарликсиз денгизга улоқтирилгандек, улар чўкиб кетмаслик учун ўзларида куч топиб, сузиб кетишлари керак. Таня шундай изоҳ беради: "Сиз иш жойига борганингизда 20 дақиқа ичида вазифангизни ўзингизнинг фаҳм-фаросатингиз билан аниқлаб олишингиз шарт. Чунки сизга талаб қилинган иш ҳақида жуда оз маълумот берилади. Агар сиз жуда секин ва беўхшов ҳаракатланиб ёки қовушиб кетолмасангиз, сизни шу жойнинг ўзида ишдан ҳайдаб юборишади".
Рустам ва Таня бир фабрикада ишлаётганидан ўзларини бахтли ҳис қилишади. Мазкур фабрикада улар 12 соатдан 14 соатгача, ҳафтасига олти кун мобайнида тинмай ламинат пол ишлаб чиқаришади. Бундай узоқ соат ишлашнинг ўзига яраша хавфли тарафлари ҳам мавжудлигини бир қарашда англаш мумкин, сабаби Рустамнинг кўрсаткич бармоғи бинт билан боғланган. Иш жойидаги бахтсиз ҳодиса натижасида Рустам узилган бармоғини жарроҳлик йўли билан мамлакатнинг энг тажрибали регенератив жарроҳлик бўлинмаларидан бири сифатида эътироф этилган Ансан шифохонасида қайтадан бириктиртиришга муваффақ бўлди. Бу шифохонанинг машҳур бўлиши ва тажриба орттиришида қўшни саноат зоналарида жароҳат олган муҳожир ишчиларининг қисман ҳиссаси йўқ эмас. Тиббий суғуртаси бўлмаганлиги сабабли, унинг иш берувчиси барча тиббий ва реабилитация билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплади, аммо унинг узоқ муддатли тиббий таътили эр-хотиннинг оилавий бюджетига анча зарар етказди.
Қийинчиликларга қарамасдан, ярим қирғиз ва ярим кореялик бўлган Рустам Кореяда ишлашни давом эттириб, шу ерда яшашни танлади.
"Россияда кўриниши менга ўхшаган киши супермаркетга кетаётган йўлида, "черножопий" [Русча ирқий камситиш сўзи] деб камситилиб, калтак ейиши ҳеч гапмас. Бу ерда эса мен ўзимни хавфдан ҳоли ва ҳимояланган ҳис қиламан, одамлар менга ҳурмат билан муомала қилишади". Таня, имкон қадар қисқа вақт ичида Қирғизистонга қайтишни истайди. У бир хил иш учун эридан камроқ ҳақ олиши ҳақида шикоят қилади. "Қуёш чиқишдан қуёш ботгунча ишлаш, бу қандай ҳаёт? Бизнинг уйимизни қуриш учун пулимиз етарли бўлгандан кейин, мен бу ерни энг биринчи самолётда тарк этаман".
Кўплаб муҳожир ишчилар учун узоқ вақт тўхтовсиз оғир меҳнат шароити одатий ҳолат, ҳужжатсиз муҳожирлар эса, айниқса, эксплуатацияга қарши умуман ҳимоясиз. Қозоғистондан келган Жанна бир ишдан бошқасига сакраб юради. Ватанида у пойтахтдаги ҳуқуқшунослик идорасида ишлаган, бир куни унинг иш берувчиси ҳибсга олиниб, у ишсиз қолди. Шу вақт орасида, у Жанубий Кореяда ишлагани кетаётган икки дўстига ҳамроҳлик қилишга қарор қилди. Иккала дўстига ҳам аэропортда киришга рухсат берилмаган бўлса-да, Жанна чегарани ҳеч қандай тўсиқсиз кесиб ўтишга муваффақ бўлди.
"Мен корейсча бир сўз ҳам гапира олмасдим, шунинг учун аэропортда учиб келувчилар залида биринчи учраган русийзабон шахсга мурожат қилдим, у менга Гуангжуга автобус олиб боришини айтди ва уша ерда рус маҳалладагилардан сўраб суриштириб иш излашни маслаҳат берди."

Унинг кир ювиш хизматидаги биринчи иши аччиқ тажриба бўлди. Ваъда қилинган 12 соатлик иш кунининг ўрнига август ойининг айни жазирамасида 16 соатлаб то қоқ тунга қадар ишлашга мажбур бўлди.
"Кореяда аёлларнинг елкасини очиб юриши ёки танасининг бошқа бирор парчасини кўрсатиб юриши номақбул ҳисобланади, шунинг учун менга енги калта кўйлак кийишга рухсат берилмади ва мен узун енг кийимда ишлашга мажбур бўлдим. Бу бамисоли дўзах эди".
У бир неча ҳафта ўтгач Кореянинг жануби-ғарбий қисмидаги узоқ қишлоқлардан бирида оилавий бошқариладиган кафега официант бўлиб ишга кирди, унинг иш вақти кунига 12 соат бўлиб, ойига тўрт кун дам олиш куни бор эди. Унга бепул хона тақдим қилиган ҳамда ойлик иш ҳақи 1,6 миллион вон (тахминан 1350 доллар) миқдорида белгиланган эди.
"Сажангним [корейс тилида "хўжайин"] ва самуним [корейс тилида "хўжайиннинг хотини"] менга жуда яхши муносабатда бўлди. Ўзимни худди оиланинг бир қисми, бир аъзосидек ҳис қилдим. Бу жуда ёқимли эди, бир неча ойдан сўнг чекка қишлиқдаги изоляция ва зерикишдан қутулишни ҳоҳладим, шунинг учун ўз омадимни бошқа жойда синаб кўришга қарор қилдим", дейди янги иш излаб Пусан шаҳридаги меҳмонхонага йўл олган Жанна.
30 ёшдан ўтсада, турмуш қурмаган аёл сифатида Жанна Қозоғистонда унинг учун жой йўқлигини ҳис қилади. Жанна учун Кореяга кетиш – пул топиш ва молиявий мустақилликка эришиш демакдир. "Мен бошимдан кечирган барча нарсалардан кейин, ўзимни кейинги ҳаётимни Қозоғистон билан боғлай олмайман", дейди Жанна. У ўзининг визаси муддати ўтиб кетганлиги туфайли, ўзининг Кореядан депортация қилинишини имкон қадар узоқроқ муддатга чўзилишига умид қилади. Иммиграция полицияси томонидан мунтазам тарзда уюштириладиган рейдлар туфайли, у фақатгина хусусий ва норасмий мигрантлар томонидан ташкил этилган такси хизматларига таяниб, жамоат транспортидан иложи борича камроқ фойдаланишга ҳаракат қилади.
"Мен аниқ биламан, бир кун келиб омадим ҳам бир нуқтада тугайди, лекин мен Кореяни тарк этганимдан сўнг, бошқа мамлакат топаман", дейди у Чехия Республикасини эҳтимолий мақсади сифатида назарда тутган холда.
Ян Матусевич, постсовет миграцияси масалаларига ихтисослашган журналист, тадқиқотчи.
Подписывайтесь на бесплатную еженедельную рассылку Eurasianet (на английском языке).