Хитой Марказий Осиёга махсус кузатув мосламаларини экспорт қилмоқда
Хитой ўзининг тажовузкор ва кишилар шахсий ҳудудига ҳам бош суқувчи видео кузатув камераларини Марказий Осиёга экспорт қилмоқда

Хитой ўзининг тажовузкор ва ҳамма жабҳани, жумладан кишилар шахсий ҳаётини ҳам таъқиб қиладиган кенг қамровли видео кузатув камераларини Марказий Осиёга экспорт қилмоқда. Буни нима эканлигидан хабардор кам сонли одамлар одатда унга шубҳа билан қарашади, лекин уларнинг фикрини ҳеч ким сўраётгани йўқ.
Қирғизистонда юзга қараб танишнинг илғор технологияси Пекинда жойлашган мудофа асбоб-ускуналари таъминотчиси томонидан жорий қилинмоқда. Мазкур компаниянинг технологиясидан Хитойнинг тарихдан мусулмонлар яшаб келган Синьцзян вилоятини бўйсундиришда фойдаланилган эди. Айтишларига қараганда, Электроника маҳсулотларнини импорт ва экспорт қилиш Хитой Миллий Корпорацияси, ёки CEIEC, ўз ишлаб чиқараётган маҳсулотларини Қирғизистонга бепул бериб юбормоқда.
Видео камера кузатуви тизими ишлаши учун зарур бўлган барча маълумотлар қаерда сақланаётганлиги маълум эмас. Қирғизистон ва шу билан бирга Хитойнинг юзга қараб таниш тизимлари жорий қилинаётган Тожикистон ҳамда Ўзбекистондаги қонун чиқарувчилар фуқаролар ҳақидаги шахсий нозик маълумотлар чет давлат ҳукумати қўлига тушиб қолмаяптими деган саволни беришмади.
CEIEC ўз технологиясини аллақачон чет эл бозорларига киритди. Унинг маркетинг усули шундан иборатки, компьютер дастури жамоатчилик хавфсизлигига раҳна солувчи хавф хатарлар пайдо бўлиши билан уларни аниқлаш учун сунъий интеллект ва юз бўйича танишни умумлаштириш орқали жамоат тартибини автоматик равишда сақлаб туриш имконини беради.
Бироқ апрель ойида Нью-Йорк Таймс хабар берганидек CEIEC тизимининг Эквадордаги жиноятчилик даражасига қандай таъсир қилганлиги борасида шубҳа гумонлар бўлган бир вақтда, мазкур тизим тўплайдиган маълумотлар мамлакатнинг миллий разведка агентлигига ҳам тақдим этилади. Венесуэла, Боливия ва Анголага ҳам Хитойнинг технология ишлаб чиқариш бўйича гиганти Huawei компанияси билан биргаликда ишлаб чиқарилган худди шу технология сотилган.
Қирғизистон: Озод дегани озодликни англатмайди?
Қирғизистон дастлаб бу борада Хитойнинг кўмагини рад этган эди. Бишкекдаги ҳукумат Вега номли Россия компаниясини танлади. Мазкур компания 2018 йил охирида ҳукумат тендерида ғолиб чиқиб, пойтахтдаги йўлларга ва мамлакатнинг магистрал йўлига йўл ҳаракатини кузатувчи камераларни ўрнатиш бўйича умумий қиймати 33 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани қўлга киритган эди. Вега ўша пайтда мазкур лойиҳа авто ҳалокатлар сонини камайтиришини иддао қилган.
Видео кузатув камералари маркаси ҳудудда маълумлиги сабабли, ўша йилнинг бошларида Бишкекнинг “Хавфсиз шаҳар” ташаббуси доирасида Huawei компанияси шу каби ускуналарни ўрнатиш бўйича тахминан 60 миллион АҚШ долларига тенг келишувни имзолашга эришган эди. Бироқ номаълум сабаблар туфайли бу келишув амалга ошмай қолди. Энди Веганинг асбоб-ускуналари ўрнатилганидан кейин CEIEC кузатув тизимидан Бишкекда одамларни ёки гуруҳларни ва автомобилларнинг қаердалигини аниқлашда фойдаланилмоқда.
Хитойда бу тизимлар фақатгина йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларининг бузилиш ҳолатларини кузатиш учунгина ишлатилмаяпти. Миллионлаб видео кузатув камералари одамларнинг кундалик фаолиятини кузатиб боради ва бу маълумотларни ижтимоий кредит тизимига киритади. Бу очиқчасига идеологик алгоритм фуқароларни уларнинг самолёт ёки поездга чипта олиш каби энг оддий имтиёзларидан фойдаланишдан мосуво қилишда кенг қўлланиб келинмоқда.
Ҳатто мазкур махфий маълумот тўплаш режими аспектларини қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам Хитойнинг нуқтаи назарига шубҳа билан қарашади.
“Мен бундай тизимнинг тарафдориман, бироқ агар фақат унинг устида маҳаллий мутахассислар ишласа, хитойликлар эмас,” деди бишкеклик 47 ёшли такси ҳайдовчиси Арстан, фамиялиясини айтгиси келмай. “Мен уларга ишонмайман. Биз уларнинг бу ердаги олиб бораётган сиёсати ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Фақат бизнинг ҳукуматимиз уларнинг нима ниятда эканлигидан хабардор.”
Ҳар қандай сондаги тарафлар назарий жиҳатдан олганда бу маълумотни қўлга киритиши мумкин.
“Техник жиҳатдан мазкур маълумотлардан фойланиш учун имкониятини хитойлик компаниялар, бизнинг ўзимиздаги дастурчилар ёки ушбу тизимни ишлатаётган маҳаллий компанияга пора беришга тайёр махфий хизматлар қўлга киритиши мумкин,” деди ахборот технологиялари бўйича мутахассис Даниел Вартанов.
Бу технологиянинг энг даҳшатли қўлланилиши юз минглаб этник уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа миллат вакиллари қайта тарбиялаш лагерларига қамаб қўйилган Хитойнинг ғарбий вилояти Синьцзянда содир бўлган эди. Айтишларига қараганда юзга қараб таниш компьютер дастури кишиларнинг қайси этник гуруҳга мансуб эканлигини ажрата олиш ва одамлар нима қилиши ва нима харид қилиши, улар қаерга бориши ва кўчада ёки интернетда кимлар билан мулоқот қилиши бўйича барча тафсилотларни тўплай олиш имкониятига эга.
“Мен ҳамма нарса назорат остида бўлишини хоҳламайман,” деди Eurasianet билан суҳбатда 55 ёшли соғлиқни сақлаш ходими Атиргул. “Ҳар бир қадамнинг назорат қилинишига йўл қўйиб бўлмайди.”
Ўзбекистон: Видео камера кузатуви йўқ, Хитой инвестицияси ҳам йўқ
Ўзбекистонда “Хавфсиз шаҳар” видео камера кузатуви лойиҳаси Хитой компаниялари, CITIC Groups ва COSTAR Group, томонидан Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бироқ, асбоб-ускуналарни Huawei компанияси етказиб бермоқда. Хитойлик инвесторлар лойиҳанинг биринчи босқичида 300 миллион АҚШ доллари сармоя қилишни ўз зиммаларига олишган, бироқ улар бу рақам 1 миллиард АҚШ долларигача етиши мумкинлигини айтишди.
Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Лю Цзясин ўзининг жуда таъсирли фикр ва мулоҳазаларини Podrobno.uz билан бўлган суҳбатда баён этди. Компания мутасаддиси ўхшаш тизимлар таъминлаётган хавфсизлик чет эл, биринчи галда нақд пулга бой Хитойдан келадиган сармоялари учун мутлақо зарур шарт эканлигини таъкидлади.
“Инвесторлар фақат вазият барқарор бўлган жойга боришади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон учун “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг амалга оширилиши жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади, чунки у мамлакатга ўзининг инвестицион салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беради”, дейди Лю.
Президент Шавкат Мирзиёев “Хавфсиз шаҳар” ташаббуси 2023 йилгача бутун мамлакатни қамраб олиши кераклигини айтган эди. Бироқ бу жараён халқ билан заррача ҳам муҳокама қилинмасдан амалга оширилмоқда. Россиянинг Вега компанияси Қирғизистондаги шартномани тендерда иштирок этиш орқали қўлга киритди. Ўзбекистонда бундай нарса бўлгани йўқ. Бу ерда Парламент заиф, ўз шахсий фикрига эга бўлмаган орган ҳисобланади ва яқин келажакда ҳам шундайлигича қолади.
Eurasianet томонидан савол билан мурожаат қилинган одамлар ҳам бу нарсадан хурсанд эмасликларини билдиришди.
“Бу видео кузатув камералари ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо билганим – улар шаҳримизда ўрнатилмоқда. Бу тўлиқ видео назорат остида бўлиш бизга нима учун керак? –деди Тошкентда чоп этиладиган реклама газетаси ходими Венера Ҳакимова. – Шахсан мен Хитойдаги каби бутун шаҳрим бўйлаб камералар назорати остида бўлишни истамайман”.
Ҳатто кўчаларда хавфсизликни таъминлаш чоралари ғоясини ёқлаганлар ҳам бу ишга шубҳа билан қарашмоқда.
“Юзга қараб таниш технологияси хавфсизлик нуқтаи назаридан ижобий бўлиши мумкин, лекин у фуқаролик эркинликлари ва одамларнинг ҳаракатланиш эркинлигининг бузилиши ҳисобланади, – деди маркетинг бўйича мутахассис Нодир Маҳмудов. – Бу технология аэропортларда ва поезд вокзалларида, чегара постларида давлат автомобил назорати ходимлари учун фойдали бўлиши мумкин, бироқ у шаҳарда жамоатчилик жойларида керак эмас.”
Тожикистон: Маълумот қаерга кетаяпти?
Тожикистонда Huawei билан муносабатлар янада чуқурроқ ўтмишга эга. 2013 йилда ҳукумат компания билан пойтахт Душанбе бўйлаб видео кузатув камералари ва йўл ҳаракатини кузатувчи камераларни ўрнатиш учун қиймати 22 миллион АҚШ долларига тенг келишувни имзолади.
Ҳайдовчилар йўлларда ўрнатилган камераларни ёмон кўришади, лекин улар шубҳасиз йўлларни хавфсизроқ қилишга ёрдам беради. Мансабдор шахслар тизим, жарималар орқали жуда салмоқли – ўтган йилнинг ўзида қарийб 14 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад келтирганидан мамнун.
Июнь ойида, Фурқат Шоймардонов, Душанбе шаҳрининг “Хавфсиз шаҳар” дастури вакили, тармоқ такомиллаштиришга тайёр эканлигини эълон қилган. Аэропорт, темир йўл вокзали, савдо марказлари, бозорлар, истироҳат боғлари ва бошқа оммабоп жойлардаги камералар энди одамларни юзидан таний оладиган бўлади.
Шоймардонов “Озодлик” радиосининг тожик хизмати, “Радио Озоди”га, мазкур технологиянинг асосий мақсади жиноятчиликка барҳам бериш эканлигини айтган.
“Агар камера қайсидир бир фуқаро 25 фоиз қидирувдаги шахсга ўхшашини аниқласа, маълумот дархол бизнинг марказимизга юборилади,” деди Шоймардонов Озоди билан бўлган суҳбатда.
Тожикистон дунёнинг барча ерларидаги каби майда ва жиддий жиноятлардан азият чекади. Бироқ мамлакатдаги қамоқхоналар шу билан бирга тақиқланган мухолифат сиёсий партияга даҳлдорлиги ва ҳаддан зиёд Ислом динига тақво қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган юзлаб одамлар билан тўла.
Жиноятчиликка барҳам бериш ҳақидаги гаплар Душанбенинг, юқори мансабдор шахсларнинг ўғиллари кечалари қимматбаҳо чет эл автомобилларида катта тезликда у ёқдан бу ёққа ғизиллаб ўтадиган кўчаларда нафрат уйғотмоқда.
“Бирор бир мансабдор шахснинг кичкина ўғли бирор ножўя иш қилса барча автоматик сунъий кузатув тизими ўчади,” деди Душанбе шаҳарда истиқомат қилувчи 30 ёшли фуқаро Фаррух Ҳамроев Eurasianet билан суҳбатда.
Тожикистонликларга янги биометрик шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар олишлари лозимлиги қатъий уқдирилмоқда. Февраль ойида ҳукумат телефон СИМ картаси бор барча киши, нафақат эгасининг исми ва манзили балки унинг бармоқ излари ва қон гуруҳи ҳақидаги маълумотлар бор, янги шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан қайта рўйхатдан ўтиши зарурлигини эълон қилди.
Huawei мана шу маълумотлар унинг тизимига киритилганми ёки йўқлигини ошкора қилмаяпти. Бироқ баъзилар бу маълумотлар киритилган деб шубҳа қилишмоқда ва бу нимани англатишидан хавотирда. Нима бўлган тақдирда ҳам Синьцзян бир қадам нарида жойлашган ва уни Тожикистондан узунлиги 477 километрга тенг умумий чегара ажратиб туради.
“Шу кетишда Тожикистондаги мусулмонларнинг тақдири ҳам Хитойдаги уйғурларникига ўхшаш бўлади,” деди 50 ёшли Бадахшон Халифаева. “Ҳар бир бурчакда улар ўзларининг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини кўрсатишлари керак. Эҳтимол, шунинг учун улар барчанинг бармоқ изларини тўплашмоқда ва одамларни янги паспортларни олишга мажбур қилишмоқда.”
Подписывайтесь на бесплатную еженедельную рассылку Eurasianet (на английском языке).