Ўзбекистоннинг нохолис судлов тизими қурбонига айланган собиқ дипломат
Процессуал ҳаракатлардаги қўпол бузилишлар рўйхати Ўзбекистоннинг ижобий ислоҳотларга содиқ деган фикрга жиддий путур етказиши мумкин.
3 Декабр куни эрталаб Тошкент метросининг Пушкин бекатига кириш учун пастга тушишдан аввал, Қодир Юсупов қўл телефонидаги Телеграм иловасини очди ва уч боласига хабар юборди.
Қисқа хабарда, ўн йиллар давомида руҳий касаллик билан курашган, Юсупов оиласини яхши кўришини, лекин чарчагани ва бунинг барчасига барҳам беришга қарор қилганини айтди.
Ўн дақиқадан кейин, соат 08:45 да, 66 ёшга тўлган бу киши ўзини темир йўл устига ташлади. У ўмров суягини синдирди, бошидан жароҳат олди, лекин тирик қолди.
Ундан кейинги соатларда бўлиб ўтган воқеаларнинг тафсилотлари мужмал. Юсупов Ўзбекистон дипломатик хизматининг истеъфодаги юқори мартабали ходими бўлгани туфайли унинг ўз жонига қасд қилишга уриниши дарров хавфсизлик органларининг эътиборини ўзига тортди.
Касалхонада тиббий ёрдам олаётиб ва ҳали чуқур депрессия ҳолатида бўла туриб, Юсупов КГБ нинг ворис агентлиги бўлмиш Давлат Хавфсизлик Хизмати, ёки ДХХ, ходимлари томонидан сўроққа тутилди. Камида беш-олтита ҳуқуқ тартибот ходимлари Юсуповнинг палатаси атрофида ва ундан сўнг у кўчириб ўтказилган алоҳида хона ичида у ёқдан бу ёққа юришарди.
Тахминан кечки соат 9 дан кейин, соатлаб давом этган сўроқдан сўнг, Юсупов, куннинг аксарият қисмини касалхонада ўтказган кенжа ўғли Темурни кровати ёнига чақирди. Икки ДХХ ходими қулоқ эшитадиган масофада туришарди. Бир оҳангда гапириб, Юсупов ҳайратда қолдирадиган бир нарсага иқрор бўлди. У 2015 йилдан буён ойига 1 000 АҚШ доллари олиш эвазига номаълум ғарб ҳукумати учун айғоқчилик қилиб келаётганини айтди.
Темур булар азобланаётган, ҳолдан тойган ва қўрқиб кетган одамнинг чалкашиб кетган сўзлари эди деб ҳисоблайди.
“Отамнинг эс-ҳуши аниқ жойида эмас эди. Агар у ҳодиса рўй беришидан аввал тўғри фикрламаётган бўлса, у содир бўлганидан сўнг фикрлаши яхшироқ бўлиб қолмаган эди,” деди у Eurasianet билан бўлган суҳбатда. “Менинг фикримча ўша терговлар маълум бир нуқтага етганда уни, умуман олганда, синдирди ва улар қандайдир бир маънода уни менинг олдимда иқрор бўлишга мажбурлашди.”
Ҳукумат айтилган гапларни ўта жиддий қабул қилди. Шундай қилиб 2009 йил дипломатик хизматдан истеъфога чиққан Юсупов давлатга хиёнат қилишда айбланиб июнь ойидан бери ёпиқ эшиклар ортида суд қилинмоқда. Учинчи суд эшиттириши 12 июлга белгиланган.
Юсуповга декабрда айблов қўйилиши ва суд жараёни ўртасидаги, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таъбири билан айтганда процессуал суд жараёни тартибининг қўпол бузилишлари каталоги деб тасвирлаган, танаффус Ўзбекистон ислоҳотчи қадриятларга қучоқ очмоқда деган сўзларга жиддий путур етказадиган бўлиб турибди.
Терговчиларнинг шубҳали ҳатти ҳаракатлари биринчидан кунданоқ, Юсуповни мажбурлаб айбига иқрор қилдирганларидан, бошланган. Бир хавфсизлик хизмати ходими собиқ дипломатнинг уйига бостириб кириб, унинг қизига ноутбукни бериши учун босим ўтказган. Унинг телефонини касалхонада мусодара қилиб олиб қўйишади.
Эртаси куни терговчилари изларини йўқ қилишга уринишди.
“Улар менга биз телефонни ва отамнинг ноутбукини ўз ихтиёримиз билан бердик деб ёзилган тилхатни беришга уринишди. Мен ‘Узр, биз бунга имзо қўймаймиз. Бу ихтиёрий бўлгани йўқ. Сиз аслида бизни мажбур қилдингиз’ деб айтдим” деди Темур.
Оқлаб бўлмайдиган
10 декабрга келиб, 67 ёшга тўлишидан бир ҳафта олдин, Юсупов тергов изоляторига ўтказилди. Унинг оиласи бу ҳақида уни кўришга келганларидан кейин касалхона ходимларидан билишди.
Айнан ўшанда давлат томонидан тайинланган адвокат Шаҳзод Шарипов пайдо бўлди. У Юсуповнинг оиласига 11 декабр куни телефон қилиб бу иш учун тайинланганлигини маълум қилди.
Юсуповнинг оиласидагилар Шарипов ҳақида аввал ҳеч ҳам эшитмаганлари учун шубҳаланишди. Бироқ, бу каби жиноий жавобгарликка тортилган бошқалар у ҳақида эшитишган.
Журналист Бобомурод Абдуллаев ҳукуматни ағдаришни режалаштиришда айбланиб 2017 йил сентябрида хибсга олинганида Шариповни унга мажбурлаб беришган эди. Ҳукумат вакиллари Абдуллаевнинг ўз адвокатини тайинлашга уринишига куч ишлатиб қаршилик кўрсатишган.
“[Шарипов] мендан терговчилар менга имзолашим учун берган барча ҳужжатларга имзо чекишимни талаб қилди. Яъни, у ДХХ нуқтаи назарини ёқлаётган оқловчи адвокат эди,” деди Абдуллаев Eurasianet билан бўлган суҳбатда. “Шарипов мендан ҳамма нарсага иқрор бўлишимни талаб қилди.”
Абдуллаев доим ўзига қўйилган айбловларни батамом рад этиб келган, ва ҳукумат ўзининг шов-шувли айбловларини омма олдида асослашга ҳеч қачон интилмаган. (У 2018 май ойида айбдор деб топилган ва озод қилинган.)
Тергов пайти келганида Шарипов ҳеч ҳам кўринмас эди.
“У умуман иштирок этмас эди,” деди Абдуллаев. “У ҳатто жиноят қидирув департаментига ҳам келмасди.”
Бу ҳикоя Юсупов тушиб қолган ҳолатга бехато тўғри келади.
Темур Юсупов Шариповга отасининг руҳий беқарорлик тарихини омил сифатида кўрсатиб ўтишни таклиф қилганида адвокат буни эътиборга олмади.
“У шунчаки бунинг аҳамияти йўқ деб жавоб берди,” деди у.
Шариповнинг сусткашлигидан жаҳли чиққан оила бошқа вакил излай бошлади ва Аллан Пашковскийда тўхташди.
Бироқ Пашковскийга бир неча маротаба Юсупов билан кўришиш имконияти рад этилди. Тергов изоляторидаги расмийлар учун таъмирлаш ишлари, йил охиридаги таътиллар ва бюрократик тўсиқларни сабаб сифатида рўкач қилиб адвокатни яқинлаштирмадилар.
Фақат 4 январдагина Пашковский Юсуповни кўриш имкониятига эга бўлди. Унинг қаршисида исқирт ва шахсий гигиенасига риоя қилишга қийналаётган одам турарди. Юсупов юзининг фақат бир тарафидаги соқоли олинган эди.
Махбус унга нима бўлаётганини қай даражада идрок қила олиши номаълум эди. Бир ойдан ортиқ вақт мобайнида Юсуповда, у ҳар куни мунтазам равишда кечки соат роппа-роса 9 да қабул қиладиган кучли антидепрессант, эсциталопрам дозасини олиш имконияти бўлмади. Шифокорлар эсциталопрам дозасининг бир марта қолиб кетиши касалнинг қайталаниши, ва шизофрения ташҳиси қўйилган Юсупов ҳолатида уйқусизлик ҳуружлари, ўз жонига қасд қилиш ҳаёллари ва номақбул ҳулққа олиб келиши мумкинлигини айтишади.
“Бу қийноқнинг яна бир шакли, чунки у бу дорини қабул қилиши керак. У зомбига ўхшаб кетаётган эди,” деди Темур.
Ёнида терговчи ўтирган Юсупов Пашковскийга ичида унинг юридик хизматларини рад этаётганлиги айтилган хатни узатди.
Хатнинг санаси 27 декабр, улар учрашишидан бир ҳафта олдинги сана эди. Ўзбекистон қонунчилиги бўйича мижоз ўз адвокатини ишдан бўшатишидан олдин камида битта яккама-якка консультация ўтказилиши лозим.
Фақат 17 январдагина ДХХ тергов изолятори Юсуповнинг эсциталопрам дозаларини қабул қилди.
Руҳий қийноқ
Кейинги ойлар мобайнида, Юсупов мисли кўрилмаган даражада кўп маротаба сўроқ қилинди. У кейинчалик унинг терговчилари қатор психологик қўрқитиш усуллари, жумладан қамоқ жазоси ва турмуш ўртоғи ва болаларини зўрлаш кабиларни қўллашганини айтди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг айтишича бу ҳолат ва дорини мунтазам равишда қабул қилмаслик биргаликда қийноқ билан баробар.
“Юсупов иши ойлаб давом этган қийноқ, маслаҳат олишга рухсат йўқлиги ва шифокорлар Юсуповнинг руҳий касаллигини даволашда ўта муҳим деб айтган дорини олишга рухсат бермаслик каби инсон ҳуқуқлари бузилишларининг энг ёмон кўринишларининг мисолидир,” деди Хьман Райтс Вотч нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стивен Свердлов. “Шунинг ўзгинаси Юсуповга қарши очилган ишни тўхтатиш зарурлигига асос бўла олади.”
Июнда бош прокурор муовини Эркин Юлдашев журналистларга Юсупов қийноққа солинаяпти деган даволар асоссиз деб айтди.
“Биз махсус прокуратура текширувларини ўтказдик, ва уларнинг натижаларига бўйича... ҳеч қандай психологик ёки жисмоний босим ўтказиш ҳолатлари бўлмаганлиги аниқланди,” деди у.
Юлдашевнинг гапидан ўша текширувлар қайси даврларни ўз ичига олгани тушунарсиз эди.
Адвокат Шариповга келадиган бўлсак, Абдуллаев ҳикоясининг акс садоси каби, у афтидан бирорта ҳам сўроқда қатнашмаган. Eurasianet нинг Шарипов билан боғланиб ундан ўтган воқеалар бўйича фикрини олишга бўлган кўплаб уринишлари бесамара кетди.
Фақат апрель ойининг охирига келиб, ҳатто шу кунга қадар яқин қариндошлари билан бевосита мулоқот қилиш имконияти бўлмаган, Юсупов ахири Пашковскийни ўз вакили бўлишини хоҳлаши тўғрисидаги истагини етказиш имкониятига эга бўлди. Бундан кейин қисқа вақт ўтиб терговлар тугади.
Қўйилаётган айбловлар суд жараёни махфийлик ниқоби остида ўтаётганини англатади. Юсуповнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари суд эшиттиришларида иштирок эта олмаяптилар. Пашковскийнинг суд жараёни ҳақида гапириш ваколати йўқ. Гувоҳлар рўйхатида тахминан 10 та исм бор. Фақат терговчилар, юристлар ва суд расмийларигина Юсупов айнан нима қилганликда айбланаётганлигини билишади.
Юсупов қандай қилиб давлатга хиёнат қилиш айбловига дуч келиб қолганини ҳатто тахмин қилиш ҳам қийин.
У ўтган ўн йиллик ичида бирор бир давлат лавозимида ишлаганлиги ҳақида маълумот йўқ. Терговчиларнинг таъкидлашига қараганда унинг айғоқчилик деб аталмиш фаолияти 2015 йилдан бошланган. Арабшунос сифатида совет даврида, 1970 йилларда, дипломатик корпусга қўшилган Юсупов шак-шубҳасиз ДХҚ нинг эътиборини тортган бўлса керак. Бироқ у ўғилларига ўтмишда уни ёллашга бўлган уринишларни рад этганини айтган эди
1990 йиллар бошида у Москвада таҳсил олишни давом эттирди ва кейин Европада нуфузли лавозимларни эгаллади, жумладан Ўзбекистоннинг Бирлашган Қиролликдаги миссиясида элчи муовини бўлиб фаолият юритди.
Оиласининг сўзларига қараганда, нафақага чиққандан сўнг унинг жамоатчилик ишлари Ўзбекистонга инвестиция киритишни осонлаштириш ва уни илгари суришга йўналтирилган нодавлат фаолиятга қаратилган эди.
Тошкентнинг бугунги кунда барча имкониятларни ишга солган ҳолда ўзининг адлия тизими ва бошқа бошқарув соҳаларини тубдан кўриб чиқиш бўйича қилаётган ваъдалари орқали чет эл капиталини жалб қилишга уринаётганини эътиборга олинса, бу сўнгги детал истеҳзоли кўринади.
Юсуповнинг ўтмишда дипломат сифатида фаолият юритгани туфайли ҳам у бошидан кечираётган оғир синовларга маълум бир даражада халқаро ҳамжамиятнинг эътибори қаратилди.
Грег Хэндз, Бирлашган Қироллик парламенти аъзоси, The Telegraph газетасига “Британия ҳукумати бу ишни яқиндан кузатиб боришда давом этмоқда” деб айтди. Бироқ, Британия ташқи ишлар вазирлиги бу иш бўйича изоҳ бера олмаслигини айтган.
Хэндз Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан 9 июл куни Лондонда учрашган бир гуруҳ Британия қонунчиларидан бири эди. Юсуповнинг иши учрашувда кўтарилдими ёки йўқми буниси номаълум.
Оммавий ахборот воситалари эркинлиги учун глобал конференция деб номланган анжуманга иштирок этиш учун бу ҳафта Бирлашган Қиролликка келган Камилов каби расмийлар чет элликлар орасида Ўзбекистон ҳақидаги оптимизмни ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган бир пайтда, бу сага мамлакатда пессимизмни пайдо қилиш эҳтимоли катта.
Темур Юсупов отаси билан содир бўлган воқеа унинг адолат қарор топиши мумкинлигига бўлган ишончига путур етказди. Унда отаси оқланишига умид йўқ. Кутиш мумкин бўлган энг катта нарса бу суд Юсуповга уй қамоқ жазоси шароитида, 20 йилгача бўлиши мумкин бўлган, ўз жазо муддатини ўташга рухсат бериши, деди Темур.
“Мана шу бутун бир жараёндан кейин, мен Ўзбекистондаги адлия тизимининг мустақиллигига ҳеч бир муболағасиз заррача ҳам ишонмайман,” деди у.
Питер Леонард является редактором Eurasianet по Центральной Азии.
Подписывайтесь на бесплатную еженедельную рассылку Eurasianet (на английском языке).