Ўзбекистон: Хусусий сектордаги вазият
Кредит ва хориж валютасини олиш энди муаммо эмас. Лекин тажрибали техник мутахассислар етишмовчилиги компанияларни ходимларни нолдан бошлаб тарбиялашнинг бошқа йўлларини излашга мажбур қилди.
Ўзбекистонда прокурор ҳеч қачон тадбиркорга дўст бўлган эмас.
Лекин Қўқондаги рўзғор сумкалари ва рюкзаклар ишлаб чиқарадиган фабрика эгаси, Адҳам Маматқулов, бугунги кунда ҳаммаси бутунлай бошқача дейди.
“Ҳар 15 кунда прокуратура телефон қилиб бирор бир муаммо борми деб сўрайди. Улар ‘Агар мисол учун, божхона билан муаммоингиз бўлса, мана бизнинг телефон рақамимиз, телефон қилсангиз бас’ дейишади,” дейди Маматқулов Eurasianet билан бўлган суҳбатда.
Маматқулов каби тадбиркорлар Ўзбекистонда бир неча йил аввал учратиш қийин бўлган ҳаддан ташқари юқори оптимизм билан гапиради.
Ўзбекистонда импорт ва экспорт билан шуғулланадиган ҳар қандай киши қийинчиликсиз тушунтириб берганидек ҳукуматнинг 2017 йил сентябр ойидаги дадил қадам қўйиб миллий валюта учун конвертацияни киритиш қарори вазиятни ўзгартириб юборди.
Маматқуловнинг Фарғона водийсидаги Тожикистон билан чегарада жойлашган, Қўқон шаҳри марказидаги икки қаватли сершовқин бинодаги фабрикасига хом-ашё етказиб берадиган чет эл таъминотчилари керак. Бу асосан Хитойдан арзон нархда олиб келинадиган сунъий ип. Дастгоҳлар ҳам Хитойдан келтирилган.
Икки йилдан ортиқроқ вақт аввал чет эл валютасини топиш мушкул иш эди.
“Жуда секин эди. Банк ҳужжатларни қабул қиларди ва кейин биз, эҳтимол, бир ойча кутардик,” деди Маматқулов.
Эндиликда худди шу жараён бир-икки кун давом этади.
“Агар банк дарҳол хитойликларга менда долларларим борлигини кўрсатмаса, мен дархол уларга эътирозимни айтаман” деди Маматқулов.
Самарқандда, ўзининг қадоқлаш материаллари заводини кенгайтириш билан банд бўлган Баҳодир Лутфуллаев ҳам худди шу каби кредит олиш имконияти, нақд пул ва конвертация борлиги борасида ижобий фикр билдирди.
“Кредит муаммо эмас,” деди у. “Агар бўлса ҳам ўзбек сўмини топиш мушкул иш. Лекин доллар ва евро муаммо эмас”.
Лутфуллаевнинг фикрича муаммо кадрларда. У 1990 йиллар бошида Москвада ўқиб юрган вақтларидаги бир воқеани сўзлаб беради. Макдоналдс энди Совет Иттифоқига кириб келган пайтлар эди.
“Телевидение ва газеталарда ушбу эълонлар берилганди. Уларда ‘Совет чакана савдо ёки Совет умумий овқатланиш тизимида бир кун ҳам ишламаган 16 ёшли ёш йигит ва қизларни изламоқдамиз’ деб ёзилганди,” деди Лутфуллаев.
Ўша фалсафани қўллаб, Лутфуллаев коллеждан тўғри келган ва бошқа жойда ёмон одатларни ўрганишга улгурмаган одамларни ишга олишини айтди.
Ихтисослашган ва тажрибали техник кадрларнинг етишмаслиги корхоналарни ходимларни нолдан бошлаб тарбиялашнинг бошқа йўлларини излашга мажбур қилмоқда. Муваффақиятли мисоллардан бири бу Германия ва Голландияда ишлаб чиқилган дастурлардан фойдаланишдир. Ушбу дастурлар доирасида бу мамлакатлар нафақага чиққан мутахассисларни ривожланаётган давлатларга ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашишлари учун юборишади.
“[Шу каби дастурлар] орқали мен учта ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйдим,” деди Лутфуллаев.
Ҳукумат бу муаммо мавжудлигини тан олди ва мутахассисларни чет элда “иқтисодиётнинг келажаги порлоқ секторларида” ўқитишни ташкил қилиш учун жамғарма тузди. Бироқ, бу каби юқоридан қуйига берилган ташаббус етарли даражада мослашувчан ҳамда кичик ва ўрта бизнес талабларига жавоб берадиган даражада тез самара беришига шубҳа бор.
Ўзбекистоннинг нисбатан тараққий этган саноат базаси бошқа тарафдан ижобий иқлим яратиб берди.
Маматқулов ҳам Лутфуллаев ҳам, Самарқанднинг жанубида жойлашган, Шўртан газ ва кимё комплексининг ижобий таъсири ҳақида умид билан гапиришди. Мазкур корхонанинг филиаллари келгусида уларнинг иккалалари ҳам ўз маҳсулотлари учун керак қиладиган хом-ашёни ишлаб чиқаради.
Маматқулов биринчи иш бошлаган кезларида сотиб олган хом-ашёларини 100 фоиз чет элдан олиб келганини айтди. Бу рақам бугунги кунда 30 фоиз арофида, деди у.
Ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаёти бироз енгиллашди деганнинг ўзи етарли эмас. Ташқи бозорларга чиқишдаги тўсиқлар ҳамон катталигича қолмоқда. Айнан шу сабабли Ўзбекистон ўтган ой Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлади.
Эндиликда ҳукумат ўз эътиборини хусусий секторда фаолият кўрсатаётган субъектларни ҳуркитадиган омил – солиққа қаратди. Шу кунгача мавжуд бўлган тизим ўзининг мураккаблиги билан кишини қўрқувга солади ва иқтисодчиларнинг таъбири билан айтганда, кўпинча мантиққа тўғри келмайди.
Оддий қилиб айтганда, солиқ тизими шундай ишлаб чиқилган эдики, у кичик бизнесларни ўсишга интилишга ундамасди, чунки бундай қилиш уларни ўта мураккаб ва жазоловчи тўсиқ томон итарган бўларди.
“Икки нафар ортиқча кишини ишга олиш орқали солиқ тўловларингиз уч, беш, етти баробар ошиб кетиши мумкин эди,” деди иқтисодчи Юлий Юсупов Eurasianet билан бўлган интервью чоғида. “Агар сиз иқтисодиёт бўйича барча Нобель мукофоти лауреатларини йиғиб улардан иқтисодиёт учун фалокатли тизимни ўйлаб топишни сўрасангиз ҳам, улар ҳеч қачон бунақасини ўйлаб топиша олмайди.”
Амалдаги солиқ кодекси бу Совет Иттифоқидан қолган кодекснинг ҳокимият тепасидаги элитага яқин гуруҳлар манфаатларини кўзлаб сон саноқсиз маротаба кўриб чиқишлар натижасида пайдо бўлган мутанти ҳисобланади.
Ўтган ой Президент Шавкат Мирзиёев солиқ кодексини бузганликлари учун қўлга тушган тадбиркорлар учун шароитларни юмшатувчи фармонни қабул қилди. Шу ҳужжатнинг ўзида жарималарни тўлаш жараёнини соддалаштириш ва афтидан, солиқдан қочиш ҳолатларини камайтириш бўйича чора тадбирлар кўзда тутилган.
Лекин булар қисман қилинган ўзгартиришлар холос. Тизимни ислоҳ қилиш бўйича ишлар бир бошланади бир тўхтайди.
Солиқ кодексини тубдан кўриб чиқиш концепцияси 2018 йил июнь ойида президент томонидан маъқулланган эди, лекин ўша пайтдан буён у қоғозда қолиб кетди. Бунга қисман қайси давлат органи ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқариш ва амалда жорий қилишга масъул бўлиши борасида давлат идоралари орасидаги тортишувлар сабаб бўлди.
“Муаммолар жорий қилиш босқичида юзага келди,” деди Юсупов. “Улар 1 январдан бошлаб ислоҳотларни амалга оширишни бошлашлари керак эди. Ярим йилдан ортиқ вақт ўтди, лекин ҳеч нарса содир бўлгани йўқ.”
Албатта буларнинг бирортаси ҳам ишончни сусайтираётгани йўқ.
Қўқонда Маматқуловнинг орзулари катта.
“Мен 2013 йил иш бошлаганимда, бизда 10 нафар киши ишлар эди. Орадан беш йил ўтди, ва ҳозир бизда 100 нафардан ортиқ ишчи бор. Ўн баробардан кўпроқ киши. Яна беш йилдан кейин, эҳтимол, уларнинг сони 1 000 нафарга етади,” деди у.
Таҳсинга сазовор нарса шундан иборатки Маматқуловнинг айтишича давлат у томонда. Ишлаб чиқаришни кенгайтиришни режа қилаётганлиги туфайли бунинг учун мос келадиган биноларни излаб топиш мушкул бўлмасмикан деган саволимизга у дарров жавоб берди.
“Уларни бизга давлат топиб беради,” деди у.
Питер Леонард, Eurasianet нинг Марказий Осиёдаги муҳаррири
Питер Леонард является редактором Eurasianet по Центральной Азии.
Подписывайтесь на бесплатную еженедельную рассылку Eurasianet (на английском языке).